Бу жаврабга масҳ тортиш мумкин!


Туркиянинг “Eshel Texctil” корхонаси  буюртмасига кўра Олмония мутахассислари  замонавий жавраблари

 

МАСАЛАНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ

Ислом динидаги барча ибодатлар покланган, таҳорат олинган ва ғусл қилинган ҳолда адо этилади. Таҳорат олишда, айниқса оёқларни ювишда иқлими ўта иссиқ ёки ўта совуқ минтақаларда яшовчи мусулмонларнинг маълум қийинчиликларга дуч келишлари кўп кузатилган. Шу боис Ислом шариати оёқни ёпиб турувчи ва шаръий талабларга жавоб берувчи маҳси ва жавраб каби оёқ киийимларига масҳ тортишга ижозат берган. Масҳ – Роббимизнинг чексиз раҳматини, Исломнинг барча замон ва маконларга мувофиқ келувчи ягона дин эканини кўрсатувчи энг ёрқин далиллардан биридир. Масҳ – имкониятларимиз чекланган вазиятларда ечимлар топиб, ибодат қилишимизни осонлаштирувчи буюк бир неъматдир. Афсуски, ундан етарли даражада фойдаланилмаётир.

Теридан қилинган, қора рангли, занжир тугмали («замок»ли) маҳсилар бугунги кун мусулмонларининг талабларига тўлиқ жавоб бера олмаётир. Маҳсиларнинг асосан теридан қилингани бир қатор ноқулайликлар (камчиликлар) келтириб чиқаради. Масалан, оёқларни терлатади, совуқдан ҳимоя қилмайди, кундалик кийимларга мос тушмайди, қўпол ва қалин бўлгани учун каттароқ ўлчамли пойафзал билангина кийиш мумкин, чунки оёққа ёпишиб турмайди (тўлиқ ўтирмайди). Натижада одамларда «Фақат чарм маҳсилар кийишга маҳкуммизми? Бунинг бир муқобили йўқми?» деган саволлар вужудга келмоқда. 

Масҳ тортишнинг ҳукмини озми-кўпми ўрганганлар чарм маҳсиларнинг устига масҳ тортиш жоиз бўлганидек, сув ўтказмайдиган материалдан, масалан кигиздан қилинган қалин пайпоқларга ҳам масҳ тортиш мумкинлигини биладилар. Бироқ, китобларда таърифланган шаклдаги, бугунги ҳаётимиз шартларига уйғун бўлган ана шундай муайян бир оёқ кийими ҳанузгача оммавий равишда ишлаб чиқарилмаган эди. Шу боис, дунёнинг ҳали у, ҳали бу ерида мусулмонларнинг бундай оёқ кийимига эҳтиёжи ортиб бораётгани сабабидан замонавий юпқа пайпоқларга ҳам масҳ тортиш мумкинлиги ҳақидаги “ижтиҳод”лар пайдо бўлдики, бу нарса мусулмонлар ўртасида турли ихтилофлар, тушунмовчиликларнинг урчиб кетишига сабаб бўлди. Бир тоифа мусулмонлар маҳси ва жаврабдан бошқа оддий нейлон ва юпқа пайпоқларга масҳ тортиш шариатга зид бўлгани боис бу ишдан четда туришган бўлса, бошқа бир тоифа “оддий пайпоқларга ҳам масҳ тортиш мумкин” деган “фатво”ларга суяниб, таҳоратнинг комиллигига путур етишига бепарво бўлишди. 

 ЕЧИМ – ЗАМОНАВИЙ МАҲСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ихтилофлар. Сабаблар. Ечимлар” китобидан: «Пайпоққа ҳеч қандай қайдсиз масҳ тортиш жоиз», деганлар ўзларининг бу ҳукмларининг сабаби сифатида кишиларга енгиллик яратиш ниятини келтирадилар. Уларнинг фикрича, иссиқ ўта кучли ўлкаларда, ёз чилласида ҳам юпқа нейлон пайпоқни ечиб, оёқни ювиб таҳорат қилиш машаққатдир. Одамлардан бу машаққатни аритиш шариатнинг талабидир.

Қачон пайпоққа масҳ тортиш ҳақида сўз кетса, беихтиёр бир устоз билан унинг шогирдлари орасида бўлиб ўтган суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда иссиқ ўлкаларда яшовчи баъзи кишилар пайпоққа масҳ тортиш жоиз деб айтаётгани, буни қандай тушуниш мумкинлиги ҳақидаги саволга устоз қуйидагича жавоб берган эди: «Сиз айтган иссиқ ўлкада, иссиқ сабабидан, оёқни тез-тез ювиб туриш фойдалидир. Бу ҳақиқатни табиблар ҳам таъкидлашади. Пайпоққа масҳ тортишга рухсат берган ўша кимсаларга қойил қолмадим. Менимча, ўша одамлар бу гапни айтмаганлари яхши эди...» Мазкур устоз бу борада куюниб яна бир қанча гапларни айтган эдилар. Бу – масаланинг бир тарафи.

Энди масаланинг иккинчи тарафига ўтайлик. Бу – совуқ туфайли, одамлар совқотиб қолмасин деб, пайпоққа масҳ тортишга рухсат беришдир. Муҳаммад Жамолуддин Қосимий ҳам, бизнинг «мужтаҳид»имиз ҳам ана ўша тоифага мансубдирлар. Улар одамлар совуқда қийналишлари, турли беморликларга чалинишлари мумкинлиги туфайли «бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз» деган фатво ниҳоятда зарурлигини таъкидлайдилар. Бу мақсадга етиш учун, юқорида кўриб ўтганимиздек, турли «ижтиҳод»ларни қиладилар. Улар бу борада Ислом умматининг зубдаси бўлган, асрлар оша миллатнинг эъзозига сазовор бўлиб келаётган ҳақиқий мужтаҳид уламоларга хатокорлик нисбатини бериш орқали туҳмат қилишни ўзларига раво кўрадилар...

Мисол учун, ўзимиз баҳс қилаётган, ибодатимизга боғлиқ бўлган, бошимизни қотириб, орамизда ихтилоф чиқариб турган, баъзиларимизни аввалги ва ҳозирги барча уламоларга хилоф қилиб, «Ҳар қандай пайпоққа масҳ тортса, бўлади» дейишгача олиб бораётган масалани олайлик. Маҳси ёки унинг ўрнига ўтадиган оёқ кийимига масҳ тортиш жоизлигига етарли ҳужжат ва далил бор, бу ҳеч ким ихтилоф қилмаган иш. Қиши совуқ бўладиган юртларда оёқни иссиқ тутиш – муҳим иш. Совуқда таҳорат қилган киши оёқни ювишда тангликка учраши ҳам бор нарса. Демак, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо – шундай ҳолатларда одамларни таҳорат қилишда оёқни ювишдан озод қилиш. Бизга мухолиф тараф бу муаммони номи пайпоқ бўлса, ўшанга масҳ тортишга рухсат бериш билан ҳал қилмоқчи. Бу билан улар хатарли ихтилоф қўзғаб, барча мўътабар фиқҳий мазҳабларга тамоман зид ва ўта шубҳали, хатарли йўлни тутмоқдалар.

Шу ўринда “наҳотки бу муаммони ҳал қилиш учун кўпчиликнинг  фикрича нотўғри ҳисобланмиш ишдан бошқа чора-илож бўлмаса?” деган ҳақли савол пайдо бўлади. Албатта, илож бор. Бўлганда ҳам, осон иложи бор: таҳоратда оёқни ювмай масҳ тортиш учун оёқ кийимини шариат талабига мослаш. Авваллари бу иш яхши йўлга қўйилган. Бизда ҳам одамлар шунинг учун қишда маҳси ва этик кийишган. Яқин-яқинда ҳам, этик кийган одамларга қулайлик яратиш мақсадида масжидларда этик устидан кийиладиган халтачага ўхшаш пайпоқлар бўларди. Этикли одам масжидга киришдан олдин этигининг устидан ўша пайпоқни кийиб олар эди. Ҳозирда ҳам маҳси кийган кишилар оёқлари қизиб кетса ҳам ечмай, унга масҳ тортиб юришибди.

Аммо замона урфига мос келмагани учун баъзи кишилар маҳси кийишни ўзларига эп кўришмаяпти. Агар гап шунга бориб тақаладиган бўлса, ўшандай кишиларга ҳозирги даврга мос бўлган, шу билан бирга масҳ тортса ҳам бўладиган оёқ кийими керак. Шундай оёқ кийимини тайёрлаш билан иш битади. Аслида, бу каби оёқ кийимини ўзимизнинг пойафзалчи усталаримиз, саноатчиларимиз тайёрлашлари керак. Одамларнинг ҳавасини келтирадиган, намоз ўқимайдиганлар ҳам, таҳорат қилмайдиганлар ҳам қулайлиги учун излаб юриб киядиган, ҳаммага урф бўлиб кетадиган маҳсулотлар тайёрлашлари керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, ўзимиздан бошқаларга буюртма бериб бўлса ҳам мазкур оёқ кийимини тайёрлатишимиз лозим бўлади. Агар буни ҳам қилмасак ўзимиз қийналишимиз ёки динимиз амри бўлган ишга, яъни таҳоратга, покланишга нуқсон етказишимиз тайин бўлиб қолади. Бундан Аллоҳ асрасин!

 ЖАВРАБ ЎЗИ НИМА?

 Энг олдин жавраб ўзи нима экани, унинг луғавий маъноси ҳақида сўз юритайлик. Ёш олимлардан Аброр Мухтор Алийнинг “Жавраб нима?” мақоласида шундай маълумотлар келтирилади: “Абул Файз Муртазо Зубайдий бундай дейди: “Жавраб” сўзи луғатда оёқни ўраб турувчи нарсани англатади. “Жавраб” араб тилига форсчадан кирган, унинг асли “гўри по”дир”. “Қомусул-Муҳит” муаллифи Маждуддин Ферузободий: “Теридан, жундан, тукдан ёки бошқа ҳар қандай нарсалардан нафис ё қалин ҳолда тўқилган, оёқни ўраб турувчи нарса “жавраб” дейилади”, деб ёзади. Демак, “жавраб”нинг русча-ўзбекча луғатларда “чулок”, “носки” (пайпоқ) деб таржима қилиниши сўзнинг аслини эмас, кўчма маъносини билдиради”.

“Жавраб”нинг истилоҳий маъноси ҳақида Абдулҳай Лакнавийнинг “Шарҳул-Виқоя”га ёзган ҳошиясида бундай дейилган: “Жавраб зич тўқилган бўлиши, яъни боғланмаса ҳам ўзи болдирда туриши ва ости теридан ёки ости-устига тери қопланган бўлиши керак. Агар жавраб бу сифатларда бўлмаса, Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида унга масҳ тортиш мумкин эмас. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ): жавраб зич тўқилган бўлса, унга масҳ тортиш мумкин, дейишган. Абу Ҳанифа умрлари охирида икки шогирдларининг гапига қайтганлар, фатво ҳам шунгадир. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ): “Агар жавраб қалин тўқилган бўлса, уни бемалол кийиб юриш мумкин. Шу жиҳатдан у махсига ўхшайди, унга масҳ тортиш жоиз”, дейишган. Агар жавраб қалин тўқилмаган бўлса, икки Имом наздида унга масҳ тортиш жоиз эмас”.

Аллома Алоуддин Косоний “Бадоиъус-саноиъ...” китобида бундай ёзади: “Уламоларнинг якдил фикрига кўра, агар жавраб сув ўтадиган даражада юпқа бўлса, унга масҳ тортиш мумкин эмас”.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний фатвосидан: “Барча фуқаҳо ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, боғичи бўлмаса болдирдан тушиб кетадиган, маълум масофагача кийиб юрилса йиртилиб кетадиган юпқа жаврабларга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилишган. Бугун кийилаётган пайпоқларда масҳ тортиш мумкин бўлган хусусиятлар йўқ, яъни қалин, ости-устига тери қопланган эмас, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди. Ким бугунги кунимизда кийилаётган пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Шофеъий, Имом Молик ибн Анас (раҳматуллоҳи алайҳим) ижтиҳодларига кўра, таҳоратли ҳисобланмайди”.

Абул Ихлос Шурунбилолий ва Абу Зайд Шиблийнинг “Нурул Изоҳ” китобида шундай ёзилган: “Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиши учун қуйидаги еттита шарт бор:

1. Маҳси таҳорат қилиб, оёқлар ювилгандан сўнг кийилган бўлиши керак.

2. Маҳси оёқларни тўпиғи билан қўшиб ёпиши зарур.

3. Маҳси ўртача одимлаганда камида бир фарсах (тақрибан ўн икки минг қадам ёки олти км) бетўхтов йўл босишга имкон бериши лозим.

4. Маҳсининг тўпиқдан пастки қисмида учта бармоқ сиғадиган йиртиғи бўлмаслиги керак.

5. Маҳсилар ҳеч қандай боғичсиз оёқда турадиган даражада қалин бўлиши зарур.

6. Маҳси оёққа сув ўтказмайдиган бўлиши керак.

7. Ҳар бир оёқнинг олд тарафида уч бармоқ миқдорида масҳ тортиладиган қисми бўлиши зарур. Оёғининг бармоқ тарафи йўқ киши товон тарафи бўлса ҳам маҳсига масҳ торта олмайди”.

 

ESHEL MEST БАРЧА ТАЛАБЛАРГА ЖАВОБ БЕРАДИ

Табиий хомашёдан тайёрланган “Eshel mest” пайпоқ-маҳсилари Ислом шариатида маҳсига масҳ тортишда қўйилган юқоридаги барча талабларга жавоб беради. У табиий хомашёдан тайёрлангани учун киши оёғини терлатмайди, совуқдан асрайди, махсус таркиби туфайли терни ташқарига чиқаради, аммо асло сувни ичкарига ўтказмайди. Янги жавраб гигиеник жиҳатдан ҳам, эстетик жиҳатдан ҳам, қулайлиги жиҳатидан ҳам барчага маъқул бўлиши аниқ. Янги жавраб фиқҳий тарафдан маҳсида бўлиши керак бўлган барча хусусиятларга эга. У сувни ўтказмайди, уни кийган ҳолда олти чақирим йўл босилиб ва яна шунча тренажерда юрилганида ҳам ҳеч нарса бўлмаган, ўзини қўйсангиз тик ҳолда туради, махсус боғичи туфайли болдирдан тушиб кетмайди ва ҳоказо. Шундан кўриниб турибдики, “Eshel mest” жавраблари, яъни пайпоқ-маҳсиси барча шаръий талабларга жавоб бергани учун уларга ҳеч бир шубҳасиз, бехавотир масҳ тортса бўлади. Келинг, бир гуруҳ исломий илм аҳлларининг бу борадаги фикрларига қулоқ солайлик:

  Проф. доктор Хайриддин Қаҳрамон: “Ишлаб чиқарувчи фирма бераётган маълумотлар ва хусусан маҳси-пайпоқ (“Eshel mest” жавраби) устида ўтказган тадқиқотларим натижасида бу пайпоқлар устига Ҳанафий мазҳабига кўра масҳ тортиш жоиз эканига ишонч ҳосил қилдим”.

Аҳмад Қуружон: “Маҳсига масҳ тортиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда саҳобаи киромнинг феълий татбиқотлари билан собит бўлган. Бироқ, қандай пойафзалнинг устига масҳ тортиш мумкинлиги масаласида турли уламолар ўзлари яшаган замон ва макон хусусиятларидан келиб чиқиб, турли таърифлар берганлар. Иттифоқ қилинган умумий фикр шуки, масҳ тортса бўладиган пойабзал оёқнинг таҳорат пайтида ювилиши керак бўлган қисмларини ёпиб турадиган, сув ўтказмайдиган, ерга қўйилса ўзи тик тура оладиган, тахминан олти километр масофага пиёда юрса бўладиган даражада пишиқ ва пухта материалдан тикилган бўлиши керак. “Eshel mest” маҳсисига (жаврабига) шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу шартларнинг барчаси бажарилган. Бинобарин, бу пайпоқ-маҳси ҳарқалай,   ташқи кўринишдан оддий пайпоқдан фарқ қилмайди, маҳсига қўйилган шартларнинг барчасига жавоб бергани учун унинг устига масҳ тортишга ҳеч бир тўсқинлик йўқ”.

Проф. доктор Ҳамди Дўндурен: “Маҳсига масҳ тортиш Исломнинг мусулмонларга берган бир қулайлиги, рухсатидир. Маҳсилик хусусиятига эга бўлган пайпоққа масҳ тортиш эса яна бир енгилликдир. Айниқса совуқ иқлимли ўлкаларда яшовчи мусулмонлар киядиган қалин, кигизсимон, ичи кўринмайдиган, сув ўтказмайдиган пайпоқлардан маҳси сифатида фойдаланиш мумкин”.

Аҳмад Шоҳин: “Қуйидаги икки хусусият масҳ тортиладиган пайпоқда (жавробда) бўлиши шарт: Биринчи – пайпоқ (жавраб) оёқдан ечилиб кетмай, ўзи турадиган даражада қалин бўлиши шарт. Иккинчи – масҳ қилинадиган сувни (масҳ тортилганда теккан ҳўлни, намликни) ичига ўтказмайдиган даражада қалин, зич тўқилган бўлиши шарт. Мана шу икки шартга жавоб берган “Eshel mest” маҳси- пайпоғига (жаврабига) масҳ тортиш мумкин.

Муҳаммад Поксув: «Инонч ва ибодат илми ҳоли» китобимизнинг «Маҳсилар устига масҳ тортиш» бўлимида қуйидаги маълумот берилган эди: «Пайпоққа масҳ тортиш мумкинми?». «Пайпоқ жинсидан бўлган нарса масҳ тортишга яроқли бўлиши учун кийилган пайтидан бошлаб 12 минг қадам ва ундан ортиқ пиёда юрганда йиртилмайдиган даражада қалин ва пишиқ бўлиши шарт. Бу мезонга тўғри келмайдиган пайпоққа масҳ тортилмайди. Демак, масҳ жоиз бўлмагани учун бундай пайпоқда олинган таҳорат ҳам чала бўлади» (203-бет). “Eshel mest” мутасаддиларидан «Сиз ишлаб чиқарган бу пайпоқ оддий йўлда 12 минг қадам пиёда юришга чидайдими?» деб сўрадим. Улар «Бундан кўпроғига ҳам чидайди» дейишди. Шунда «Бу маҳсулотдан маҳси сифатида фойдаланиш мумкин экан», деган фикрга келдим”.

Ваҳби Ваққосўғли: “Масҳ тортса бўладиган пайпоқ-маҳси гўзал ва фойдали янгиликдир. Ҳисса қўшган ҳар бир кишини табриклайман. Дуоларимда эслайман”.

Сайди Қаҳрамон: “Ислом мусулмонларга бир қатор мажбурият ва масъулиятлар юклаб, бунинг баробарида ушбу буйруқларни адо этишда турли енгилликлар яратиб берган. Таҳоратда маҳсидан фойдаланиш ана шундай қулайликлардан биридир. Маҳсига масҳ тортиш шартлари фиқҳ китобларимизда баён қилиб берилган. Уларга кўра маҳси тери ва шунга ўхшаш материаллардан тайёрланади. Фиқҳий шартларга жавоб бера олган ҳар қандай оёқ кийимига, шунингдек, пайпоққа ҳам масҳ тортиш жоиз бўлади. “Eshel mest” жуда қулай маҳси сифатида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган. Кўплаб инсонларнинг ибодати учун, таҳорати учун қулайлик имкониятини яратиб берган “Eshel Texctil” корхонасини табриклайман, муваффақиятларининг давомий бўлишини тилайман”.

(Фикрлар Мармара университети Илоҳиёт факультети, Ташвиқия ва Шишли марказий жомеъларида ёзиб олинган)


7 йил аввал 14106 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13494 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15771 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 10993 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9037 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16221 fiqh.uz