Қайтарилган ишлар


Бу амаллар суннат билан ўз тасдиғини топган амаллар жумласидандир.

 •    Қабр устида ўтириш, устидан юриш, ухлаш, “ҳожатни чиқариш” учун ўтириш макруҳ ишлар жумласидан бўлиб, уларни қилиш мутлақо мумкин эмас. Унинг олдида Қуръон тиловати, ибрат, эслатма олиш учун ўтириш бундан мустасно.

•    Маййит дафн қилиб бўлинганидан сўнг, уни бошқа жойга кўчириб бўлмайди.

Шариат ҳукми бўйича, модомики маййитнинг суягидан бирор нарса бор экан, қабрни очиш ҳаромдир. Ҳатто қабристонда бошқа янги қабрларни кавлаш пайтида ҳам бу ишга йўл қўйилмайди. Қабрни очишга фақат истисно тариқасидагина рухсат берилади. Шунда ҳам олиш чоғида суяклари синдирилмайди.
•    Қабр устида униб турган, қуримаган ўт-ўланни юлиб бўлмайди. Чунки кўкариб турган ҳар қандай ўсимлик Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туради.
•    Қабрга чироқ, шам, олов ёқиш;
•    Қабрдаги маййитдан шифо, ҳожат сўраш;
•    Бола кокилини аташ ширкка яқин гуноҳдир. Зеро, бундай ишлар Аллоҳ таолодан бошқадан ҳожат сўрашдир.
•    Қабр тоши ва темирларини ўпиш;
•    Латта боғлаш;
•    Айланиб, тавоф қилиш;
•    Қабр ёнида суратга тушиш;
•    Худди саёҳатга боргандек, баланд овозда чақчақлашиб  гаплашиш;
•    Қабр бошида таом қолдириб кетиш;
•    Еб-ичиш;
•    Ҳонадонида кетма-кет бир неча кишилар вафот этса, “Ўлик тортади”, деган нотўғри эътиқод билан қабрни очиш, ўликни уриш, жасаднинг бирор жойига шикаст етказиш. Иймонли киши бундай ишларни ўзи ҳам қилмайди, бировнинг ҳам қилишига рози бўлмайди. [5]
Зеро, оғир кунларда инсоннинг ёрдамчиси фақат Аллоҳ таолодир ва қутулиш воситаси дуодир. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Балолардан, қора кунлардан, тақдир қабоҳатларидан ва душманларнинг ҳасадидан ўзингизга паноҳ тилаб, Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилинглар!”дедилар".
Яна Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан:
“Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса узайтира олмайди”, деганлар.
Ҳоким “Мустадрак” китобида келтирган ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо қазони қайтаради (балони даф этади). Яхшилик ризқни орттиради. Банда гуноҳи туфайли ризқдан махрум бўлиши мумкин”, деганлир.[6]
Демак, ҳар хил ирим-сирим, бидъат-ҳурофот ва ботил эътиқодларга берилмасдан, тўғри йўлда, поклик ва ҳалоллик билан яшаб, дуони қўлдан бермаслик лозим.
•    Қабр зийнатланмайди, устига бино қилинмайди ва унга ўтирилмайди

عَنْ جَابِرٍ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ أَنْ يُجَصَّصَ الْقَبْرُ وَأَنْ يُقْعَدَ عَلَيْهِ وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: نَهَى النَّبِيُّ أَنْ تُجَصَّصَ الْقُبُورُ وَأَنْ يُكْتَبَ عَلَيْهَا وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهَا وَأَنْ تُوطَأَ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳйи ман қилганлар”.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.[7]
Термизийнинг лафзида:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар”, дейилган.
Шу ўринда айтиш лозимки, фақат Имом Шофеъий қабрни лой билан суваб қўйишга рухсат берганлар, холос.
Қабр устига бошқа ҳар қандай нарсани қилиш мумкин эмас. Албатта, олдин ўтган ҳадисда айтилганидек, белги учун тош қўйиш бундан мустасно.
Қабрлар инсон хотирасидаги муҳим нарсалардан бўлгани учун ва ўтган умматларнинг залолатга кетиши сабабларидан бири айнан қабрлар бўлгани сабабли Исломда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралган.
Ушбу ҳадисда қабрларга нисбатан қайтарилган ишларнинг бир нечаси санаб ўтилмоқда:
1. “Қабрни бўр билан суваш”.
Бўрсувоқ лойсувоқдан бир оз зийнатли чиқиши, оқ бўлиши эътиборидан қабрга нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки бу ишда тириклар учун керакли бўлган молни зое қилиш бор. Исломда эса ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Шундай экан, бўрсувоқ ман қилинганидан кейин, қабр устига ундан кўра кўп маблағ кетадиган нарсаларни қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тош-мармарлар қўйиш, занжир, панжара тортиш, сурат чиздириш, гул қўйиш ва ҳоказолар мутлақо мумкин эмас.
Иккинчидан, қабрнинг устига агар тилла суви юргизилганда ҳам, қабрнинг ичидаги ўликка, ёки у ишни қилган тирикка, ёки бошқа бирор жонзотга ҳеч бир фойда бўлмайди. Бефойда ишни қилиш эса мусулмон инсон учун ҳаром.
Учинчидан, қабр оддий, табиий ҳолида турса, қор-ёмғир таъсирида қабр устида  ўсган ўт-ўланлардан қабр ичидаги маййитга фойда тегади. Қабр устини турли нарсалар билан ёпганлар эса маййитни бу хайрдан маҳрум қилган бўладилар. Юқорида айтилган ишларни қилувчилар бошқа миллатларга ёки ўтганларга эргашишларини ҳужжат қиладилар. Лекин уларнинг ҳеч бир шаръий далиллари бўлмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисга хилоф қиладилар.
2. “Қабр устига ўтириш”.
Шунингдек, тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу тасарруфда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.
3. “Қабр устига бино қуриш”.
Бунда ҳам бўр билан сувашдаги каби, қабрни зийнатлаш ва молни зое қилиш бор.
Баъзи уламолар: қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди, шунга биноан, қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак», деганлар.
4. “Қабрнинг устига ёзиш”.
Жумҳур уламолар: «Қабр устига унинг эгасининг исмини ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас», деганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Қабрнинг йўқолиб кетиши ёки хорланишининг олдини олиш учун   белгига ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзса бўлади», деганлар. [8]
Ушбу нарсани яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга айниқса ҳозирги кунда жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга амал қилмай қўйилган.

________________________________________
[5]    Салоҳиддин Муҳиддин, «Исломда ўлим ва жаноза масалалари». Тошкент, Мовароуннаҳр 2000. –Б. 56 62.
[6]    Мирзо Аҳмад Хушназар, «Қабристон зиёрати одоби». Тошкент, Мовароуннаҳр 2005. –Б. 34.
[7]    Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт». Тошкент, Шарқ 2011. –Ж. 7, –Б. 288.
[8]    Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт». Тошкент, Шарқ 2011. –Ж. 7, –Б. 290.


7 йил аввал 9127 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
9 йил аввал 12473 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
9 йил аввал 10299 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
7 йил аввал 9072 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9188 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 10347 fiqh.uz